2019-11-18
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва IT-Парк томонидан Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган ҳамкорлар билан биргаликда яратилган, мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этадиган мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича талабалар ўртасида «mGovAward» танловининг йўл шоуси якунланди.
2019 йил 11 ноябрь куни «mGovAward» танлови доирасида Ўзбекистон олий ўқув юртлари бўйлаб ўтказилган кенг миқёсли роад-шоу якунланди. IT-Парк вакиллари республиканинг 12 та вилоятига ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, 53 та университет ва институтларнинг 4 700 нафардан ортиқ талабалари билан суҳбатлашган.
IT-Парк матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур роад-шоудан кўзланган мақсад Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабаларини иқтидорли ва ёш дастурчиларни биринчи миллий кўрик-танлов билан таништириш, танлов шартлари ва талабларини тушунтириш ва ноёб IT-маҳсулотларни яратишда истиқболли кадрларни рағбатлантиришдир.
Фото: «IT-парк матбуот хизмати»
Қайд этилишича, «mGovAward» республика кўрик-танловига аризалар қабул қилиш ҳали ҳам давом этмоқда. Аризаларни 2019 йил 1 январгача қуйидаги ҳавола орқали юбориш лозим.
«MGovAward» — бу энг яхши мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича республика кўрик-танловидир. Танловнинг мақсади олий ўқув юртлари талабаларининг IT-дастурларни ишлаб чиқиш борасидаги салоҳиятини ривожлантириш ва кучайтириш ҳамда ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир.
Танлов жами 5 та: таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, транспорт ва логистика, шунингдек, бизнес ва G2B йўналишларида ташкил қилинади. Мазкур танловнинг асосий мезонлари этиб яратиладиган илованинг самарадорлиги, унинг инновационлиги ва фойдаланиш учун қулайлиги белгиланган.
Фото: «IT-парк матбуот хизмати»
Талабалар «mGovAward» танлови доирасида Ўзбекистондаги мавжуд муаммолардан бирини ҳал қила оладиган мобил илова яратиши керак. Ютуқ фонди 100 минг долларни ташкил қилиб, 50 минг доллар биринчи ўрин, 30 минг доллар иккинчи ўрин ҳамда 20 минг доллар учинчи ўрин соҳибига бериш режалаштирилган. Шунингдек, танлов ғолиблари БААга бепул сафар қилиш имкониятини ва IT-Парк акселерация дастурида иштирок этиш имконини қўлга киритади.
Манба: daryo.uz