UzBridge электрон журнали

Бош муҳаррирдан!

  

Бугунги кунда Ўзбекистон жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва мамлакатни модернизациялаш ва бўйича ниҳоятда фаол босқичга кўтарилди. Мамлакатимиз глобал жамиятда ўзининг мутлақо янги ва ижобий қиёфасини шакллантирмоқда.

Маълумки, мамлакатнинг жадал ва кенг қамровли ривожланиш эҳтиёжларини юқори малакали, замонавий билимли ва қимматли хорижий тажрибага эга бўлган кадрлар билан таъминлаш, худди шунингдек, кейинги йилларда илғор хорижий давлатларда самарали фаолият олиб бораётган ватандошлар билан мунтазам мулоқотни ташкил этиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.

Мазкур жамғарма ташаббуси билан ташкил этилган “UzBridge” ахборот-таҳлилий электрон журнали хорижда яшаётган ва турли соҳаларда профессионал фаолият юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшларнинг фикр ва қарашларини Ўзбекистон Республикасининг мутассадди давлат ва ижрочи органларига, бизнес вакиллари ва кенг жамоатчиликка етказиш, ўз ўрнида ҳалқаро миқёсда фаолият юритаётган ватандошларимизни Ватанимизда турли соҳаларда амалга ошаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижаси билан таништириб боришни ўзининг энг асосий мақсади деб билади.

Шунингдек журнал таҳририяти қуйидаги вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган:

хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;

хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига жалб этиш;

хорижда муваффақиятли фаолият олиб бораётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тадбиқ қилиш борасида тегишли ваколатли ташкилотларга етказиш;

мамлакатимиздаги ҳамда хорижий экспертларнинг, шу жумладан ватанадошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материалларини чоп этиш, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;

докторантура ва магистратура дастурлари бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ёшларнинг илмий тадқиқотларга бағишланган илмий мақолалари ва очеркларини чоп этиш;

Ўзбекистоннинг иқтидорли ёшларини хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида, илмий-тадқиқот ташкилотларида, илғор ишлаб чиқариш компанияларида таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташ жараёнлари соҳаларида Жамғармада ва республикада олиб борилаётган ишларни ёритиб бориш, оммага етказиш мақсадларига хизмат қилади.

Таҳририятнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Таҳририятга келиб тушган ахборот-таҳлилий, илмий, илмий-оммабоп, илмий-амалий ва маънавий-маърифий мақола ва материалларни таҳрир қилиш, қайта ишлаш ва тақриз бериш учун экспертлар гуруҳи фаолиятини ташкил этиш ва уларни муносиб рағбатлантириб бориш;

мамлакат ва жаҳон таълим, соғлиқни сақлаш, муҳандислик, иқтисодиёт, ҳуқуқ, давлат бошқаруви, ҳалқаро муносабатлар ва бизнес соҳасидаги илмий-амалий янгиликлар, ривожланиш тенденциялари, илмий-амалий муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган назарий-услубий, амалий мақолаларни тўплаш ва таҳрир қилиш;

таҳрир қилинган материалларни “UzBridge” электрон журналида эълон қилиш;

хорижда фаолият юритаётган катта илмий салоҳият ва тажрибага эга бўлган олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшларнинг илғор илмий-амалий тажрибаларини оммалаштиришга йўналтирилган материалларни нашр қилиш ва бошқалар.

Мазкур электрон журнал Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хорижда муваффақиятли фаолият олиб бораётган ватандошларимиз, юртимизда илм-фан йўналишида тадқиқот олиб бораятган олимларимиз ва ёш изланувчиларимиздан ўз тадқиқотларини натижаларини кенг оммага маълум қилиш мақсадида илмий мақолаларини “UzBridge” электрон журналига тақдим этишларини кутиб қоламиз.

Умид қиламизки, “UzBridge” электрон журнали Ўзбекистон ривожланиши йўлида, хориждаги ватандошлар ҳамда мамлакатда турли соҳаларда тадқиқотлар олиб бораётган, замонавий билим ва қимматли тажрибага эга бўлган мутахассислар, ва қолаверса, кенг омманинг долзарб мавзуларда ўзаро мулоқотининг виртуал майдонига айланади.

Адхам Бекмуродов
Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Эл-юрт умиди” жамғармаси директори


496
МАҚОЛАЛАР
245
ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР
8
КАТЕГОРИЯЛАР
17
ТАҲРИРЧИЛАР
12
ҲАМКОРЛАР