Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармасининг “UzBridge” электрон илмий-оммабоп журнали 2-сонига мақолалар ҳамда бой илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимизнинг очерклари 2019 йил 1-августга қадар қабул қилинади.
Мазкур электрон-журнал Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг 2019 йилги диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига қуйидаги 5 та йўналиш бўйича киритилган:
1) тарих фанлари (07.00.00);
2) иқтисодиёт фанлари (08.00.00);
3) педагогика фанлари (13.00.00);
4) социология фанлари (22.00.00);
5) сиёсий фанлар (23.00.00).
Мақолалар ҳамда очеркларни uzbridgejournal@gmail.com электрон манзили орқали юборишингиз мумкин. Тел. +998-712-030-051.
«UzBridge» ахборот-таҳлилий электрон журналига тақдим этиладиган илмий мақолаларга қўйиладиган асосий талаблар бу борадаги жаҳон андозалари ҳамда Ўзбекистонда яқиндан бери амал қилаётган PhD тадқиқотлари тизимидаги андозалардан келиб чиқади.
Журнал бундай юқори талаблар ўрнатиш орқали ўз муаллифларини аста-секин халқаро андозаларга мослашиб боришида яқиндан кўмак бериш вазифасини бажаради.
Қўшимча саволлар, талаб ва таклифлар бўйича таҳририят электрон манзили ёки электрон журнал “Форум”и орқали мурожаат этиш мумкин.
1. Муаллиф томонидан тақдим этилаётган илмий мақола мавзуси «UzBridge» ахборот-таҳлилий электрон журналининг “Журнал бўлимлари” рукнида келтирилган йўналишларнинг бирига мос келиши лозим.
2. Мақолалар асосан эмпирик тадқиқот, кейс-стади, адабиётлар таҳлили ва шарҳ, мета-анализ, назария, амалиёт, услубиёт, профессионал илмий тақриз ва бошқа тавсифга эга бўлиши кўзда тутилади.
3. Мақола халқаро андозалар талаби доирасидаги қуйидаги аниқ бандларга эга бўлиши лозим:
- Мақола мавзуси (Title)
Мақола мавзуси имкон қадар қисқа ва лўнда кўринишда шакллантирилган бўлиб, мақоланинг тадқиқот йўналишини аниқ ифода этиши лозим.
- Мақола муаллифи тўғрисида маълумот (Author information)
Ушбу қисмда муаллифнинг исми-шарифи (отасининг исми билан), иш жойи ва лавозими, илмий даражаси ва унвони, электрон почта манзили ва мулоқот телефон рақамлари киритилади.
- Мақола аннотацияcи (Abstract)
Мақола аннотацияси кўпи билан 50 сўздан иборат бўлган, мақоланинг умумий мазмунини қисқача тарзда ёритиб берувчи қисм ҳисобланади. Мақола аннотацияси тадқиқот муаммоси, унинг долзарблиги, тадқиқот муаммосини очиб бериш учун қўлланилган методология, тадқиқот натижалари, мақоланинг тўла мазмунидан келиб чиққан ҳолда муаллифнинг илмий ва амалий ҳиссасининг қисқача баёни ҳисобланади. Мақола аннотацияси ўзбек, руc ҳамда инглиз тилларида тақдим этилиши шарт.
- Таянч сўзлар (Key words)
Таянч сўзлар мақола мазмуни ва мақсадини энг қисқа мазмунда очиб берувчи калит сўзлар ҳисобланади. scholar.google.com ёки google.com қидирув тизимида мақола осон ва энг биринчи саҳифаларда топилиши учун таянч сўзларнинг ҳар бири асосий матн таркибида ўртача 5-10 марта такрорланиши тавсия этилади. Таянч сўзлар ўзбек, руc ҳамда инглиз тилларида тақдим этилиши керак.
- Кириш (Introduction)
Кириш қисмида асосан тадқиқот муаммоси, унинг мақсад ва вазифалари ёритилади. Мазкур қисм тадқиқот мавзусининг танланиш асоси, унинг долзарблиги ва илмий аҳамиятини тушунтириб беради. Бундан ташқари, кириш қисмида тадқиқот объектининг қисқача тавсифи келтирилади. Кейинги таркибий қисмлар мазмуни ҳам айнан кириш қисмида қисқача изоҳланади.
- Мавзуга оид адабиётларнинг танқидий таҳлили (Literature review)
Мавзуга оид адабиётлар таҳлили тадқиқ этилаётган муаммо юзасидан муаллифнинг билим ва тасаввурларга эга эканини намоён этувчи қисм ҳисобланади. Адабиётлар таҳлили мавжуд интеллектуал ҳудуд доирасини баҳолаш ва шу асосда маълум харита яратишни англатади. Адабиётларнинг танқидий таҳлилидаги уринишлар мазкур мавзу доирасидаги билимларни кучайтиради ва тадқиқот саволларини янада ойдинлаштиришга ёрдам беради. Ўз мазмунига кўра ҳар қандай тадқиқот айни шу соҳада яратилган аввалги билимлар негизига қурилади. Адабиётлар бўйича таҳлил асосан соҳадаги энг янги журнал мақолалари ва бошқа турдаги маълумот манбалари асосида амалга ошади (мавзуга оид мақолаларни калит сўзлар ёрдамида www.scholar.google.com қидирув тизимидан топиш мумкин).
- Тадқиқот методологияси (Research Methodology)
Тадқиқот методологияси тадқиқотнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, у ўтказилаётган тадқиқотнинг умумий харитаси, тадқиқот йўли ва манзилга (натижага) олиб борувчи харитавий чизгилари ҳисобланади. Тадқиқот методологияси тадқиқот фалсафаси ва йўналишини (дедукцион ёки индукцион) белгилаш, тадқиқот дизайни, яъни тадқиқот муаммосининг ечимига олиб борувчи бош режасини тузиш, тадқиқот учун зарур ахборотни олиш йўллари ва тадқиқот этикасини белгилаш, тадқиқот объетининг танлови (sampling), бирламчи ёки иккиламчи маълумот манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар, тадқиқот стратегиясини (кузатиш, эксперимент, кейс-cтади, саволнома, этнографик, архив тадқиқот ва ҳ.к.) аниқлаш бўйича рационал қарор қабул қилиш асосида қўйилган муаммонинг аниқ ечимига олиб чиқувчи йўлни белгилашни англатади. Методология қисмининг мукаммаллиги тадқиқот учун белгиланган йўлнинг ишончлилиги (reliability) ва aниқлилигини (validity) асослаш орқали намоён бўлади.
- Таҳлил ва натижалар (Analysis аnd results)
Тадқиқотнинг таҳлил қисми тадқиқот методологиясида аввалдан белгилаб олинган таҳлил усуллари (математик моделлар ва бошқалар) орқали йиғилган маълумотларнинг таҳлилини амалга оширади. Бунда фақатгина таҳлил усулининг натижалари ифода этилади; топилган натижалар бўйича муҳокама мақоланинг кейинги қисмининг вазифаси ҳисобланади.
- Тадқиқот натижаларининг муҳокамаси (Discussion)
Таҳлил қисми натижалари мавзуга оид адабиётлар таҳлили натижалари ва хулосаларига таққослаш ҳамда шахсий фикрлар орқали муҳокамасини назарда тутади. Бир сўз билан айтганда бу қисм тадқиқот натижаларини изоҳлаш вазифасини бажаради.
- Хулоса ва таклифлар (Conclusion/Recommendations)
Тадқиқотнинг мақсад, вазифаларининг англашилганлиги ҳамда тадқиқот саволларининг ўз жавобини топганлиги, тадқиқотнинг асосий натижаларига ва тадқиқотнинг умумий жараёнига умумий хулосалар, шу билан бирга, таклифлар ва айни тадқиқотдан келиб чиққан ҳолда келажак тадқиқот иши йўналишлари мақола хулоса ва таклифлари қисмининг асосини ташкил этади.
- Фойдаланилган адабиётлар рўйхати (Reference)
Бу қисм тадқиқотда фойдаланилган барча адабиётларнинг рўйхатини эълон қилади. Мақолада фойдаланилган барча ҳаволалар бу қисмда алифбо кетма-кетлигида Гарвард шакли талабларида қайд қилинади:
• муаллифлар исми-шарифи, (йили), китоб номи, нашр манзили (Россия, Ўзбекистон ва ҳ.к.), нашриёт номи;
• муаллифлар исми-шарифи, (йили), мақола номи, журнал номи, нашри, сони, бетлари.
Юқоридагиларга қўшимча равишда муаллиф ихтиёрига кўра зарур иловалар (Appendix) ва ташаккурнома (Acknowledgement) ҳам киритилиши мумкин.
5. Мақола матни шрифти “Times New Roman”да, 14 кегелда бўлиб, қаторлар оралиқлари масофаси 1 интервалда бўлиши тавсия этилади. Мақола матни саҳифасининг барча (ўнг, чап, юқори ва қуйи) томонидан 2 сантиметрдан иборат масофа қолдирилади. Мақоланинг максимал ҳажми чекланмагани ҳолда, энг минимал ҳажми 4-6 бетдан кам бўлмаслиги тавсия этилади. Фойдаланилган адабиётлар сони ҳам камида 10-15 манбадан иборат бўлиши мақола сифатининг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади.
6. Мақолада жадвал номлари унинг юқори қисмида, чизма ёки расмлар номлари уларнинг қуйи қисмида берилади. Албатта, мақолада зарур ўринларда жадвал, чизма ва расмларнинг берилиши мақола сифатини оширувчи манба бўлиб хизмат қилади.
7. Мақолада фойдаланилган жадвал, чизма ва расмларнинг манбааси ўша бетнинг пастки қисмида “Сноска” дастури орқали Гарвард шаклида ифодаланиши керак.
8. Мақола ичида берилувчи ҳаволалар Гарвард шакли (Наrvard style) талаблари асосида қуйидагича берилади:
• Ягона муаллифли мақола учун (Фамилия, йили) – масалан (Аҳмедов, 2019);
• Икки муаллифли мақола учун (Фамилия ва Фамилия, йил) – масалан (Аҳмедов ва Собиров, 2019);
• Иккитадан ортиқ муаллифли мақола учун (Фамилия ва бошқ., йил) – масалан (Аҳмедов ва бошқ., 2019);
• Бир нечта алоҳида мақолалар учун (Фамилия, йил; Фамилия, йил… (алифбо тартибида)) – масалан (Аҳмедов, 2019; Собиров, 2018; …)
9. Мақолалар ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин.
Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган мақолалар таҳририят томонидан кўриб чиқилмайди.
Журнал таҳририяти.