Янгиликлар

Пермдаги ЙТҲда 32 йўловчини қутқарган Данил Юлдашев Меҳнат вазирлиги жамоасига қабул қилинди

2019-10-04


Данил Юлдашев. Эндигина 20 ёшни қаршилаган бу йигитнинг исм-шарифи сизга таниш эмасдир ҳойнаҳой, бироқ унинг қаҳрамонона ҳаракатлари ҳақида аниқ эшитгансиз. 2019 йилнинг 17 августи. Айнан мана шу куни Россиянинг Пермь вилоятида маҳаллий вақт билан соат 17:00лар атрофида йўловчи автобус автоуловнинг носозлиги сабаб дўкон деворига бориб урилади. Фалокат оқибатида 32 нафар йўловчи тан жароҳатлари билан шифохонага етказилади, бир нафар йўловчи эса воқеа жойида ҳалок бўлади. Ҳалокат жойида бахтли тасодиф туфайли Данил Юлдашев бўлмаганда, уларнинг сони ошган бўларди балки.

Машғулотлар ўтказиш учун спорт залига йўл олган Данил автобуснинг ЙТҲга учраганини кўриб, бефарқ ўтиб кета олмайди ва жабрланганларга ёрдам беришга шошади. Икки соат давомида автоуловдан жароҳатланаганларни олиб чиқишда жонбозлик қилади, уларга дастлабки тез тиббий ёрдамни кўрсатади. Қисқа вақт ичида Данилнинг жасорати тилларга тушади, ижтимоий тармоқларда унга қаҳрамон унвонини бериш ҳақида фикрлар билдирилади. 21 август куни Пермь ўлкаси губернатори Максим Решетников Данил Юлдашев билан учрашиб, унга ташаккурнома топширди. Данилнинг мардонавор ҳаракатлари юртимизнинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси томонидан ҳам эътироф этилди.

Буларнинг барига жавобан Данил ўзини қаҳрамон ҳисобламаслигини, қийин аҳволга тушганларга ёрдам бериш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини таъкидлади. Данил Юлдашев Тошкентда ўсиб улғайган, оилавий шароитлар сабаб Россияга йўл олиб, бир неча йиллар мобайнида ўша ерда истиқомат қилиб келган.

Фаол фуқаролик позициясига эга Данил Юлдашев каби ёшлар ҳар бир жамиятга керак. Чунки айнан мана шундай фуқаролар ёрдамида ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш мумкин. Шунинг учун ҳам Россия Федерацияси Данилга ўз фуқаролигини таклиф қилди. Бироқ у ўзини туғилган юртининг ривожи учун жавобгар билади. Мана шу ниятини амалга ошириш, ўзини, имкониятларини кўрсатсин дея Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Данил Юлдашевни ўз сафига қўшди, уни ишга қабул қилди. Ўйлаймизки, унинг фаол фуқаролик позициясига эга экани, ҳаракатчанлиги, энг муҳими, атрофида содир бўлаётган ҳодисаларга бефарқ эмаслиги фаолияти давомида асқотади.

Манбаа: mehnat.uz