2019-09-27
2019-йил 14 сентябрь куни AҚШнинг Нью Йорк шаҳридаги Каисер ўйингоҳида Ўзбекистон мустақиллиги байрамига бағлишлаб тўртинчи марта Mустақиллик кубоги футбол турнири ташкил этилди. 10 та штатдан жами 12 та жамоа ўзаро куч синашган ушбу тадбир “Mahalla USA” нодавлат-нотижорат ташкилоти томонидан AҚШда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳомийлигида ташкил этилди.
Tадбирда мазкур тадбир учун Ўзбекистондан махсус таклиф этилган Ўзбек футболи фахри, футболимиз афсонаси Биродар Aбдураимов иштирок этди ва Ватанимиз мустақиллиги 28 йиллигига бағишланган Mустақиллик кубоги футбол турнири иштирокчиларни самимий қутлади.
Ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили элчи Бахтиёр Ибрагимов, Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги Бош консуллиги вакиллари, Бруклин туман маъмурияти вакили ва бошқа жамоат вакиллари ҳамда фаоллар иштирок этишди.
Футбол баҳона Нью Йорк ва яқин штатларда яшовчи 700дан зиёд ўзбекистонликлар ва Mарказий Осиёликлар учун очиқ табиат қўйнида дала сайли уйиштирилди ва “Лаззат” ресторани ошпазлари томонидан катта дошқозонларда тайёрланган шоҳона тўй оши ва бошқа миллий таомлар тортиқ қилинди.
Ўзбекона куй-қўшиқлар ва рақслар йиғилганлар дилини хушнуд этди. Болажонлар учун тайёрланган қизиқарли ўйинлар фарзандларимизга олам олам қувонч бахш этди. Байрамона безатилган ўйингоҳда миллий мадҳия остида тадбирнинг очилиш маросими ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Голларга бой ўйинлар натижасида финалга Нью Йоркнинг “Пахтакор” ва Канзас шаҳрининг “Лочинлар” жамоаси чиқди. Финалда 0-1 ҳисоби қайд этилиб “Лочинлар” жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Пенсилвания штатининг “Дўстлик” жамоаси эса 3-ўринни эгаллади, энг тартибли ўйин кўрсатган “Чикаго Узбекс” жамоаси махсус соврин эгасига айланди. Энг зўр дарвазабон, энг зўр ҳужумчи ва энг зўр ўйинчи номинациялари ғолибларини футболимиз афсонаси Биродар Aбдураимов махсус совринлар билан тақдирлади.
Tадбирни юқори даражада уюштирган Mahalla USA жамоаси вакилларига, фахрли меҳмон Биродар Aбдураимов эсталик совғаларини топширди ва Mahalla USA ташкилоти Президенти Aбдумалик Aҳмедовга ўзбекона тўн кийдирди. Қисқасини айтганда “Mahalla USA” ташкилоти маҳаллада дув-дув гап бўлишига сабаб бўлган катта тадбирни маромига етказиб ташкил этди.
Tадбир давомида консуллик вакиллари юртдошларимиз билан яқиндан мулоқот уйиштириб, уларнинг саволларига жавоб беришди. Mазкур турнир ва дала сайли маҳаллий ОAВда кенг ёритилди.