Янгиликлар

Молиявий – иқтисодий соҳадаги раҳбарларнинг малакасини оширишда Колумбия университети билан ҳамкорлик қилинади

2019-07-17


Бу борадаги ишларни бошлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда «IV – League» ўртасида меморандум имзоланди.

Агентлик ўзининг Facebookдаги расмий саҳифасида учрашув тафсилотлари ҳақида хабар берди.

2019 йил 16 июл куни Нью-Йорк шаҳридаги Колумбия университети вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув якунида Колумбия университети ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ўртасида Ўзбекистоннинг молиявий – иқтисодий соҳасида фаолият юритаётган раҳбарларнинг малакасини оширишга қаратилган таълим дастурларини амалга ошириш бўйича илк ҳужжат – меморандум имзоланди.

Агентлик директори Атабек Назаров, Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Колумбия университети, Молия саноати марказида жойлашган ҳамда молия саноати билан боғлиқ академик асос ва муносабатларга эга бўлган етакчи университетлардан бири эканини таъкидлади.

Америка, Европа, Осиё ва Африкада шу каби дастурларни амалга ошириш бўйича тажрибага эга бўлган профессор Эмики Ўзбекистон молиявий инфратузилмасини ривожлантиришда Агентликнинг ташаббуслари ва муҳим ролини таъкидлаб, Агентликнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун таълим дастурларини ишлаб чиқишда илмий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Дастлабки босқич натижаларига кўра, томонлар Колумбия университетининг Агентлик билан биргаликда жорий йилнинг кузида Тошкентда қатор тренинглар ва семинарлар ўтказишга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Колумбия университети 1754 йилда ташкил этилган АҚШнинг энг қадимги таълим муассасаларидан бири бўлиб, У IV – Ivy League ни ташкил этувчи саккизта Америка университетларидан бири ҳисобланади. Унинг битирувчилари кўплаб таниқли олимлар ҳисобланиб, давлат ва сиёсат арбоблари, шу жумладан 3 нафар АҚШ президенти, 96 та Нобел мукофоти лауреатлари ва 29 та давлат раҳбарлари бўлишган.