Янгиликлар

“Президентимиз битмас-туганмас хазина туҳфа этди”, дейди бўкалик учинчи синф ўқувчиси Фазилат Ёқубова

2019-06-21


Тошкент вилояти Бўка туманидаги 27-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубованинг ушбу шеъри бир неча кунда бутун туман аҳолисининг юрагидан чуқур жой олишга улгурди. Катта-кичик барчанинг куну тун хиргойи қилиб юрувчи севимли қўшиғига айланди.

 

Беш ташаббус

 

Беш ташаббус кашф этилди,

Яратилди етилди.

Ўқилди Гулистонда,

Иш бошланди Бўстонда.

 

I. Бизда театр, санъат,

Кўп асрлик маданият.

Мусиқа ҳамда расм,

Халқимиз қилар таъзим.

Адабиёт бош мавзу,

Боболар қилган орзу.

Улар қони бор танда,

Шеър ёзаман шу онда.

 

II. Ёшлар ҳамроҳи спорт,

Шахмат-шашка, теннис корт.

Мана очилди “Ҳумо”,

Лол қолди бутун дунё.

Ўзбек қиз-ўғлонлари,

Халқимиз полвонлари.

Уларни қўллайди эл,

Кураклари кўрмас ер.

 

III. Компьютер бор ҳар уйда,

Гоҳ кундузи, гоҳ тунда.

Интернетни ёқамиз,

Кенг оламга боқамиз.

Бу ҳам бир ажиб тузоқ,

Кириб кетмангиз узоқ.

Афсус қиласиз кейин,

Чиқиш жуда ҳам қийин.

 

IV. Бўкага келди карвон,

Булар не деб эл ҳайрон.

Нурли эшиклар очилди,

Халққа зиё сочилди.

Совға қилинди минглаб китоб,

Чарақлаб кетди офтоб.

Жўшиб кетди юраклар,

Айтилди кўп тилаклар.

 

V. Энди оналар ишлар,

Бекор қолмас ёз-қишлар.

Бизлар қўллаб турамиз,

Фахрланиб юрамиз.

Улар сафида онам,

Кам бўлмасин деб болам.

Мен ҳам ўқиб билай дер,

Элга хизмат қилай дер.

Юртбошим бўлинг омон,

Сиз доимо халқ томон.

Юртимиз тинч, эл тотув,

Кимларгадир бу орзу.

Сизда Темурнинг қони,

Сиз чин Ўзбек ўғлони.

Беш ташаббус бўлса жам,

Юртда бўлмас ҳеч ким кам!

 

Тошкент вилояти Бўка туманидаги 27-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Фазилат Ёқубованинг ушбу шеъри бир неча кунда бутун туман аҳолисининг юрагидан чуқур жой олишга улгурди. Катта-кичик барчанинг куну тун хиргойи қилиб юрувчи севимли қўшиғига айланди.

 

Ҳаваскор ёш шоиранинг қалб кечинмалари қисқа фурсатда нафақат Бўка тумани, балки Тошкент вилояти аҳолиси ўртасида ҳам бу қадар машҳур бўлиб кетишининг сабаби бор, албатта. Чунки бу шунчаки қофияланган мисралар ёки маддоҳлик эмас, шеър Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида айни пайтда Бўка туманида амалга оширилаётган ишларга бағишлангани ва мисли кўрилмаган улкан бунёдкорликка нисбатан туман аҳолисининг юрак сўзлари ифодаси экани билан аҳамиятлидир.

 

Фазилат Ёқубованинг бешта муҳим ташаббусга бағишланган мазкур шеъри илк бор 1 июнь куни Президентимизнинг Бўка туманидаги Бўстон маҳалласига ташрифи чоғида янграган эди. Давлатимиз раҳбари ўшанда Фазилатга яхши таълим-тарбия, ижодий муҳит ва шароит яратиб бергани учун унинг отасига автомобиль совға қилинишини айтган эди. Бўлажак ёш шоиранинг ўзига эса уйида кутубхона очиб, “Фазилат” деб номлашни таклиф қилганди.

 

Якунланаётган ҳафта аввалида Фазилатнинг отаси Ҳикматилла Ёқубовга Президентимиз совғаси – “Кобальт” автомобили топширилди. Тантанали маросимда Ёқубовлар оиласи аъзолари, хусусан, ёш иқтидор эгаси Фазилатхон, отаси Ҳикматилла ака, онаси Феруза опа ва оиланинг тўнғич фарзанди Шаҳзода билан суҳбатлашдик.

 

photo5217782505090951797.jpg

 

– Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус қишлоғимизга, қишлоқ одамлари ҳаётига том маънода янги руҳ олиб кирди, – дейди Ҳикматилла Ёқубов. – Одамларнинг, айниқса, ёшларимизнинг дунёқараши тубдан ўзгарди. Ўқитувчи сифатида ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда китобхонлик ва спорт улар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Фарзандларимдан қиёс. Катта қизим Шаҳноза 6-синфга, кичиги Фазилат 3-синфга ўтаяпти. Иккиси ҳам шеър ёзади, мутолаа жону дили. Президентимиз таклифига биноан уйимизда "Фазилат" кутубхонасини ташкил қилаяпмиз. Кутубхонамизга Ёшлар иттифоқи 2 мингта, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам 2 мингта, халқ таълими вазири, туманимиз ҳокими ва бошқа кўплаб раҳбарлар 100 тадан китоб совға қилишини айтди. Тахминимча, "Фазилат" – энг бой оилавий кутубхоналардан бири бўлади. Гапнинг лўндасини айтганда, 5 та муҳим ташаббус ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва билимли авлод бўлиб камол топишига хизмат қилишига ишонаман.

 

Фазилат Ёқубова барча фанлардан аъло баҳоларга ўқийди. Ҳикматилла аканинг таъкидлашича, Фазилат 4,5 ёшидан опаси Шаҳзодага қўшилиб мактабга қатнай бошлаган. Аввалига ота-онаси уни мактабдан қайтаришга ҳаракат қилган, аммо уддасидан чиқа олмагач, бўлажак ёш шоиранинг танловини қўллаб-қувватлаган. Ўша пайтларда Фазилат опаси ёрдамида дарсликлардаги шеърларни, шунингдек, мактабда ўтадиган байрам тадбирларида ўқилган, ҳатто телевизорда айтилган шеърларни ҳам ёд олган. Шуларнинг таъсириданми, ҳали ўқиш ва ёзишни билмасдан туриб шеър тўқишни машқ қила бошлаган. Айни пайтда унинг Ватан, она, тинчлик, дўстлик ва турли байрамларга бағишлаб ёзган шеърлари мактабда ўтказиладиган тадбирларда ўқиб келинади.

 

– Отам мактабимизда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, онам эса тикувчилик цехида ишлайди, – дейди Фазилат. – Опам 6-синфга, мен эса 3-синфга ўтаяпмиз. Мактабимизда турли фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган синфлар бор. Опам иккимиз математика фанига ихтисослаштирилган синфда ўқиймиз. Математикани қанчалик яхши кўрсам, адабиётни, шеъриятни ҳам шунча яхши кўраман. Айниқса, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф бобомларнинг ва, албатта, Шаҳзода опамнинг "Бахтли болалик", "Устозим" шеърларини севиб ўқийман.

 

Опа-сингил Шаҳзода ва Фазилат Ёқубовалар билан суҳбатимиз қизғин кечди. Ёш иқтидор соҳибаларининг қайд этишича, Президентимизнинг Бўка туманига ташрифи, туманда 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар уларнинг иқтидори намоён бўлиши, айниқса, ўқиб-изланишлари учун муносиб шароит яратилишига замин бўлди.

 

– Оиламизга Президент совғаси – "Кобальт" автомобили топширилди, – дейди Фазилат. – Бу совға ҳаммамизни, айниқса, отамни чексиз қувонтирди. Оилавий бахтимизга сабабчи бўла олганимдан хурсандман. Аммо биласизми, Президентимизнинг менга аталган энг катта совғаси ҳали олдинда. Айни пайтда уйимизда Юртбошимиз таклифига асосан "Фазилат" кутубхонаси ташкил этилмоқда. Бу совға мен, оилам, мактабимиз ва бўкалик ёшлар учун битмас-туганмас хазина бўлади.

 

Фазилатга кутубхона ва мутолаа билан боғлиқ саволларимиз жавобсиз қолди. Барча саволларга қисқа қилиб: "Қолганини "Фазилат" кутубхонасига келсангиз гаплашамиз", деди. Демак, суҳбатимиз давоми ва кейинги манзил – "Фазилат" кутубхонаси!

Манбаа: uza.uz

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА