Янгиликлар

Хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандош олимларимиз диққатига!

2019-06-20


Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар деярли барча соҳаларни қамраб олмоқда, айниқса муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан таълим соҳасига берилаётган эътибор натижасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, хорижий олий таълим муассасаси филиали ва қўшма олий таълим муассасаси, хорижий таълим муассасалари билан қўшма факультет ва қўшма дастурлар, шунингдек, икки дипломли дастурларни ташкил этиш борасида талай ишлар амалга ошириб келинмоқда.  

2019 йил 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви давомида Президент Ш.М. Мирзиёев хориждаги ватандош олимларни мамлакатимиз илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича бир қатор топшириқлар берди.

Жумладан, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон Республикаси илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига қайтариш билан шуғулланувчи Комиссия ташкил этилди. Мазкур Комиссия раиси этиб “Эл-юрт умиди” Жамғармаси директори тайинланди.

Шунингдек, ушбу Комиссия аъзолари таркибига турли вазирлик ва идоралар, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар Академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий Аттестация комиссияси, Миллатлараро муносабатлар ва дўстлик жамиятлари қўмитаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Буюк келажак” ХННТ раҳбар ходимлари киритилган.

Комиссия асосий фаолияти мамлакатимиз ҳар бир илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига камида 5 нафардан хориждаги ватандош олимларни жалб қилишни ташкил этиш билан бир қаторда, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш натижасида зарур қулай шарт-шароитларни яратиб бериш ҳисобланади.

Ҳурматли ватандошлар!

Ўзбекистон Республикаси таълим соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришларга бефарқ бўлмасдан, мамлакатимиз равнақи учун ўзингизнинг бой илмий ва амалий тажрибангиз орқали илм-фан ва олий таълим соҳаларига ўз ҳиссангизни қўшишга чақирамиз.

Бунинг учун сиз ўзингиз тўғрингиздаги барча маълумотларни, жумладан объектив-маълумотнома, чоп этган илмий ишларингизни elyurtumidi@gmail.com электрон почтасига юборишингизни сўраймиз.

Сизнинг маълумотларингиз Комиссия томонидан ўрганилади ва ҳоҳиш истагингиздан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларига қайтиб ишлашингизга шароитлар яратиб берилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси