Янгиликлар

Ўзбекистонда 2019 йил 1 августдан бошлаб “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилади

2019-06-18


2019 йилнинг 15 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Идоралараро комиссия, парламент аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси,   Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Комиссия мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019  йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, коррупция жамиятни турли йўллар билан ўз исканжасига оладиган, демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказадиган, инсон ҳуқуқлари бузилишига, бозорлар фаолиятининг издан чиқишига олиб келадиган ва шу тариқа тараққиётни ортга сурадиган иллат ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё иқтисодиёти коррупция иллатидан 2,6 трлн. АҚШ доллари миқдорида зарар кўради. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини назарда тутадиган Фармонида эса бу борада зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланди.  2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ва Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди. Бундан ташқари, қонунчиликни таҳлил қилиш, ундаги коррупцияга шароит яратадиган қоида ва нормаларни аниқлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу иллатнинг фақат оқибатлари билан курашиш ҳеч қандай самара бермайди. Шу боис коррупцияга олиб келадиган ҳар қандай сабаб ва шароитни таг-томири билан йўқ қилишга барча куч ҳамда имкониятлар сафарбар этилиши  шарт.

Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат идораларининг тегишли бўлинмалари  томонидан бевосита аниқланадиган, яъни фақат уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида фош этилиши мумкин бўлган жиноятларни, шу жумладан, мансаб билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир давлат идораси соҳадаги тегишли хавф-хатарларни инобатга олиб, Идоралараро комиссия билан келишган ҳолда ўзининг идоравий дастурини тасдиқлаши зарурлиги қайд этилди.

Мажлисда барча давлат органлари ва ташкилотлари идоравий чора-тадбирларни амалга ошириш устидан ички назорат механизмларини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички комиссиялар ишини фаоллаштириш лозимлигига, бунинг учун шахсан раҳбар жавобгар эканлигига урғу берилди.

Тадбирда қайд этилганидек, 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида капитал қурилиш ва олий таълим тизимларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилади. Унинг доирасида тўрачилик ва қоғозбозлик билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш, қонунийликни мустаҳкамлаш каби барча жараёнлар адолатли ва шаффоф тарзда бўлишига эришиш назарда тутилган.

Манбаа: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати